АСОСИЙ ҚОНУН-ХАЛҚИМИЗ УЧУН ОБОД ВА ФАРОВОН ҲАЁТ БАРПО ЭТИШДА МУСТАҲКАМ ЗАМИН
ТДЮИ ўқитувчиси Алиева К.Р.
Тарихда инсоният, халқлар тақдирига таъсир қилган, тараққиётга йўл очган ҳодисалар воқеалар, кашфиётлар кўп бўлган. Шулардан бири Конституцияни вужудга келиши, уни давлатнинг Олий қонуни сифатида намоён бўлишидир. Конституция фақат мавжуд ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормалардан иборат бўлмай, у келажакда мавжуд бўладиган муносабатларни ҳам (вазифа ва мақсадларни) тартибга солишга қаратилган ҳужжатдир. Конституция фақат ҳуқуқий ҳужжат бўлиб қолмай у сиёсий ҳужжат ҳамдир.
Конституция узоқ вақт эркинлик, озодлик, фаровон турмуш учун курашда ижобий кучларни салбий кучлар устидан ғалабасини қонуний мустаҳкамлаган, инсон ва давлат муносабатларида мутаносибликни ўрнатган асосий ҳужжатдир. Конституция давлат бошқарувини ўзгартирган, уни бошқача – халқ манфаатидан келиб чиқиб ташкил қилишга таъсир қилган воситадир.
“Ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг шиддат билан ўсиб, тобора ривожланиб бораётган мамлакатга, инсон, унинг ҳуқуқлари, манфаат ва эркинликларини ҳақиқий қадрият деб биландиган демократик, ижтимоий-сиёсий ва фуқаролик институтларига эга бўлган мустақил ва суверен давлатга айланишини таъминлаб берган яна кўплаб ҳал қилувчи омилларни мисол келтириш мумкин” – деб таъкидлади Ўзбекистон Президенти Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллигига бағишланган тантали маросимдаги маърузасида.
Конституция эса ана шундай омиллардан энг таъсирлиси, энг ёрқини ва самаралисидир.
Мустақиллик йилларида эришган барча ютуқлар, Конституциямизнинг ҳаётбахш қудрати, ҳаётийлиги, халқчиллиги ва салоҳияти натижаси эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Унинг принциплари, қоидалари чуқур ўйланганлиги йигирма йиллик тажрибада ўз исботини топди.
“Табиийки, ҳар қандай давлатнинг Конституцияси унда яшовчи халқнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Конституция халқнинг сиёсий донолиги ва тафаккури маҳсулидир” – деган Президент сўзлари бизнинг конституциямизга ҳам тўла тааллуқлидир.
Конституциямизнинг энг ижобий томони унда инсон, унинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, қадр-қиммати, шаъни олий қадрият деб белгиланиши бўлди.
Конституциямиз муқаддимасида белгиланган, инсон ҳуқуқларига содиқлик; демократия ва ижтимоий адолатга садоқатни намоён этиш; республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиш; инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаш; фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида ҳар қандай халқ орзу қиладиган мақсадлардан бўлиб, Конституция нормалари уларни амалга оширишни таъминлаши кўзлаб ўрнатилди. Жумладан, Конституциянинг 13-моддасидаги “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади” қоида инсонга муносабатни белгиловчи бош қоидадир. Конституциянинг бошқа қоидаларидаги нормалар ҳам биринчи навбатда инсон манфаатларини устуворлигини таъминлаш мақсадидан келиб чиқиб ўрнатилди. Ҳокимият бўлиниши принципини ўрнатилиши эса инсон манфаатларининг устуворлигига эришиш мақсадини кўзда тутади. Конституцияда давлат бошлиғи Президентнинг “инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини кафилидир” – деб белгиланиши мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари энг юқори даражада ҳимоя қилинишини кўрсатади.
Конституцияда мамлакатимизда биринчи марта, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул деган қоида киритилди (2-модда). 43-моддадаги “Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди” – деган қоида эса давлатнинг фуқаро олдида жуда катта масъулиятга эгалигини билдиради.
Конституциянинг 35-моддасида фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқи, 44-моддада судга шикоят қилиш ҳуқуқи белгиланган бўлиб, булар фуқаро ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим гаровидир.
Шунингдек, Конституциямизда иқтисодий фаолият эркинлиги, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини устуворлиги, хусусий мулкнинг дахлсизлиги белгиландики, бу фуқароларнинг фаровон турмуши гаровидир.
Конституциямизнинг шу нормаларини амалий ифодаси сифатида, мамлакатимизда тадбиркорлик, кичик бизнес ривожланмоқда, мулкдорлар синфи шаклланмоқда, натижада турмуш фаровонлашмоқда, одамлар бойимоқда. Буни шахримиз кўчаларида автомобилларни сиғмай бораётганидан, икки қаватли турар жойларни кўпайиб бораётганлигидан ҳам кўришимиз мумкин.
Конституциямизнинг диққатга сазовор ва аҳамиятли томониларидан бири унда ҳокимият масаласи халқ манфаатларидан келиб чиқиб ҳал қилинганидир. Конституциянинг 7-моддасида “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир” – деб белгиланган ва давлат ҳокимиятини халқ манфаатларини кўзлаб амалга оширилиши мустаҳкамланган. Шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилиши (9-модда) ва ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланиши(12- модда) конституциявий даражада мустаҳкамланган Аввалги бирорта Конституцияларимизда давлатни фуқаро олдида масъуллиги, ҳокимиятнинг бирдан бир манбаи халқ эканлиги, кўп фикрлилик ўрнатилмаган эди. Фикрлар хилма-хиллиги эса жамиятни ривожлантирувчи яна бир восита кўппартиявийликка асос солди. Конституциямиз қабул қилинганлигини йигирма йиллигини нишонлар эканмиз, табиий равишда шу даврда қилинган ишларга баҳо берилади. Конституцияни амал қилиши натижасида осуда, тинч ҳаёт кечираётганлигимизни ўзи уни беқиёс ролини кўрсатади.
Конституция ва у асосида қабул қилинган қонунлар, ваколатли давлат органларининг олиб борган ишларию ўтказилган турли тадбирлар натижасида мамлакатимизда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида кўзга кўринарли ютуқлар қўлга киритилди.
Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз парламенти Конституция нормаларига мувофиқ 15 кодекс, 600 дан зиёд қонунни қабул қилди, 200 дан ошиқ кўп томонлама халқаро шартномани ратификация қилди ва шу тариқа Асосий Қонунимизни амалга оширишнинг яхлит ҳуқуқий механизми яратилди. Бу рад этиб бўлмайдиган факт.
Бу ютуқларнинг барчасини ушбу мақолада ёритиб бўлмайди. Шунинг учун биз қуйида уларнинг айримлари ҳақидагина сўз юритамиз. Булар тўғридан-тўғри инсон ҳуқуқларига, инсон манфаатларига тааллуқлидир.
I. Давлат қурилиши ва бошқаруви, демократия соҳасидаолиб борилаётган ислоҳотлар натижасида Олий Мажлис икки палатали тузилишда ташкил қилинди. Булар: Қуйи — Қонунчилик палатаси ва Юқори палата – Сенат. Президент мақомидаги ўзгаришлар эркинлаштиришнинг амалий натижаси бўлди. Президентнинг ижро ҳокимиятининг бошлиғи вазифасини бекор бўлиб, у давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди деган қоида конституцияда ўз ифодасини топди. Президентнинг айрим ваколатлари Олий Мажлис Сенатига, Бош вазирга ўтказилди.
Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилди, жумладан, сайлов иштирокчиларига тенг имкониятлар яратиш ҳақидаги нормалар қонунчиликка киритилди.
Президент томонидан “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги ва бошқа қонунларни қабул қилиниши ғоясини илгари сурилиши демократик жараёнларни янада чуқурлаштиришга қаратилгандир.
II. Инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида эришилган муҳим ютуқлар, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш натижасида вужудга келди. Суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштиришнинг асосий мақсади – шахс ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли, самарали ҳимоя қилишга эришишдир. Суд ҳокимиятига тааллуқли қоидаларни амал қилиши ва ўтказилган ислоҳотлар натижасида судни қатоғон қурбони ва жазоловчи орган сифатида намоён бўлишига барҳам берилиб, у инсон ва фуқаро ҳуқуқ, манфаатларини ҳимоя қилувчи мустақил ҳокимият тармоғига айлантирилди. Амалга оширилган тадбирлар асосида суд тизимини ижро этувчи ҳокимият органлари назорати ва таъсиридан чиқаришга эришилди.
“Фуқароларнинг суд орқали ҳимояланиш кафолатлар жиддий тарзда кучайтирилди, ушбу кафолатдан фойдаланиш имкониятларини янада кучайтиришни таъминлаш бўйича катта кўламдаги чора-тадбирлар амалга оширилди.
“Ҳар бир давлат ўз ривожланиш йўлини танлашга ҳақли, аммо демократиянинг қонун устуворлиги каби умумий принципи мавжуд, — деди Халқаро прокурорлар ассоциацияси президенти Жеймс Хамильтон (Ирландия). — Бу эса жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлайдиган Конституция билан тасдиқланиши лозим. Унинг қоидалари амалда самарали қўлланиши ҳам ғоят муҳимдир. Ҳар қандай инсон ўз ҳуқуқлари бузилганда судга мурожаат қилиши ва суд уларни ҳимоя қилишига амин бўлиши даркор. Бу эса Конституциянинг амалга оширилаётганини тасдиқлайди. Ўзбекистонда сўнгги йигирма йилда конституциявий қурилиш соҳасида катта ютуқларга эришилди. Мамлакатингизнинг Асосий Қонуни умумэътироф этилган барча жаҳон стандартларига мос келади. Яна шуниси муҳимки, Ўзбекистонда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Негаки, Конституцияда мустаҳкамланган ўз ҳуқуқларини биладиган, тушунадиган ва улардан фойдаланадиган одамларгина мамлакатда демократик жараёнларни такомиллаштиришда иштирок этиши мумкин”.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда прокурор ва адвокатнинг тенглигини, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича суд фаолиятини барча босқичларида ўзаро тортишув бўлишини таъминлашга, одил судловнинг сифати ва тезкорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда”. Амалга оширилган ишлар натижасида мамлакатимизда энг либерал жиноий жазо тизими яратилдики бу инсон манфаатларига мос тушади.
Мамлакатимизда “Хабеас Корпус” институтини жорий қилиниши, яъни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш (розилик бериш) ҳуқуқининг прокурордан судга ўтказилиши муҳим воқеа бўлиб, бу инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатлар талабига риоя қилинишини билдиради.
“Ўзбекистонда миллий қонунчилик инсон ҳуқуқлари ва демократлаштириш соҳасида халқаро стандартларга мос бўлиши учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда, — дейди Франция Давлат кенгаши аъзоси, Халқаро конституция ҳуқуқи ассоциацияси президенти Дидье Мос. — Мамлакатингиз мустақилликка эришганидан буён ушбу олий мақсадлар сари дадил интилмоқда. Албатта, бу узоқ давом этадиган жараён. Аммо шуниси муҳимки, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш самарадорлигини оширишга қаратилган сиёсий ирода мавжуд. Дунёда барча учун мутлақо ягона тизим бўлмаганидек, бир-бирига ўхшаш демократия тизимлари ҳам мавжуд эмас. Ҳар бир давлат ўз йўли, ўз тажрибасига эгадир. Қонунчиликни яратишда миллий шароитларни инобатга олиш, шунингдек, Конституция ва қонунларга киритиладиган ўзгартишлар Ўзбекистонда бўлгани каби, изчил тараққиётга мос бўлиши керак”.
III. Инсон ҳуқуқ, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда яна бир муҳим йўналиш – фуқаролик жамияти институларини шакллантириш ва ривожлантиришдир.
Конституцияда жамоат бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари тизими, фаолиятига тааллуқли асосий принципларни белгилабқўйилганлигини, бундай ташкилотларнинг (яъни аҳоли манфаатларини акс эттирадиган ташкилотларнинг) фаолият кўрсатиши, ривожланиши учун қулай шароит яратилганлигини кўрсатади. Конституциямиз жамоат бирлашмалари фаолияти асосларини белгилаш билан жамиятнинг асосий қонуни сифатида эътироф этилади.
“Фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳозирги кунда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда, фуқароларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариш, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратмоқда, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашмоқда”.
Конституциямизнинг амал қилиши натижасида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар: Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик маркази фаолияти кенгайиб бормоқда ва инсон манфаатлари кенгроқ таъминланмоқда.
IV. Конституциямизнинг 21 йиллиги муносабати билан қўлга киритилган ютуқлар ва уларда Конституциянинг роли ҳақида мулоҳаза юритилар экан, қадриятлар, маърифат, таълим соҳасидаги ютуқларни тилга олмасдан иложи йўқ.
Конституциямизда виждон эркинлигини ўрнатувчи қоидани амал қилиши, маданий ёдгорликларни давлат муҳофазасида бўлиши каби қоидалар қадриятларимизнинг тикланишига ўз таъсирини кўрсатди. Мустақиллик ва Конституциямизнинг амал қилиши натижасида анъаналаримиз тикланди, таъқиқланган “Наврўз” байрам сифатида кенг нишонланадиган бўлди. Диний байрамлар Рамазон ҳайити, Қурбон ҳайити ҳаётда ўз ўрнини топди. Ислом дунёсида исломнинг тарбиявий, маърифий кучини кенг тарғиб қилган аллома аждодларимиз хизмати эътироф этилди, уларнинг қабрини обод қилинди.
Йигирма икки йил давомида қилинган ишлар қаторида маърифат, таълим соҳасида қилинган ишлар алоҳида диққатга сазовордир.
Конституциямизнинг 41-моддасида “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир” – деган қоида мавжуд. Бу қоидани ҳаётга татбиқ қилиш мақсадида “Таълим тўғрисида” қонун қабул қилинган. Таълимни жамият ҳаётидаги алоҳида муҳим аҳамияти ҳисобга олиниб уни ташкил қилишга мамлакатимизда алоҳида эътибор берилди.
Ўзбекистонда таълимни тўғри йўлга қўйиш, унинг натижаларидан унумли фойдаланиш мақсадида, 1997 йилда “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида” қонун қабул қилинди. Мазкур дастурнинг асосий мақсади қилиб, таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, уни мафкуравий қарашлардан ҳосил қилиш, ривожланган демократик мамлакатлар даражасида, юксак маънавий ва ахлоқий талабаларга жавоб берувчи юқори малакали кадрлар тайёрлаш миллий тизимини эришиш учун қатор вазифаларни ҳал қилиш назарда тутилди.
Дастурда уни рўёбга чиқариш босқичлари, унда шахс, давлат, жамиятнинг роли, узликсиз таълим, кадрлар тайёрлашда фан ва ишлаб чиқаришнинг роли батафсил белиглаб берди. Дастур таълим турларини, қадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини аниқ белгилаб қўйди.